Аввалроқ Жиззахда ички ишлар ходимлари фуқарони калтаклагани айтилаётгани ҳақида хабар берди. Жиззах вилояти ИИБ ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 5 май куни соат 00:35 ларда Арнасой туманидаги овқатланиш шохобчасидан қўриқлаш бўлимига хабар келиб тушган. Соҳа вакиллари етиб борганида маст ҳолатдаги фуқаро Д.Ч. овқат ҳақини тўламагани аниқланади.
Таъкидланишича, фуқаро шохобча ҳовлисида бир неча фуқаролар билан жанжаллашади. Фуқаро Д.Ч. кетмагач ҳолат юзасидан ички ишлар органларига хабар берилади. Чақириқ асосида соат 01:20 ларда ҳудуд профилактика инспектори етиб келади ва фуқародан уйига кетишни сўрайди.
Аммо фуқаро инспекторга бўйсунмайди ва ИИО ходими ҳамкасби билан унинг қўлига кишан солиб, наркология диспансерига етказади, дейилади хабарда.
Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Арнасой туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тўпланган ҳужжатлар асосида қонуний қарор қабул қилиниши Жиззах вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.