АсосийДунё

Бугун Ватиканда 267-Папани сайлаш учун мажлис йиғилади

Унда 133 нафар кардинал иштирок этади.

'Бугун Ватиканда 267-Папани сайлаш учун мажлис йиғилади'ning rasmi

Бугун Ватиканда 267-Папани сайлаш учун конклав йиғилади. 

Бугун Ватиканда навбатдаги Рим Папаси — 267-сонли олий епископни сайлаш учун конклав бошланади. Унда 133 нафар кардинал иштирок этади. 

Кардиналлар бугун Муқаддас Пётр жомеъ черковидаги мессадан сўнг Сикстин капелласига йўл оладилар. У ерда улар йиғилиш тафсилотларини ошкор қилмасликка қасамёд қилишади.

Конклав ёпиқ форматда ўтказилади. Кардиналларга телефонлардан фойдаланиш тақиқланади, мобил алоқалар эса махсус ускуналар орқали ўчириб қўйилади.

Ҳар бир овоз бериш босқичидан сўнг бюллетенлар махсус ўчоқда ёқилади. Оловга қўшилган кимёвий моддалар туфайли тутун оқ ёки қора рангда бўлади.

Агар номзодлардан бири учдан икки қисмдан ортиқ овоз олса, капелла устида оқ тутун кўтарилади — бу янги Папа сайлангани белгиси ҳисобланади. Шундан сўнг кардиналлар янги сайланган Папани халққа таништиради ва у анъанавий Urbi et Orbi ("шаҳар ва дунё учун") дуосини қилади.

Тарихдаги энг узоқ конклав 2 йил, 9 ой ва 2 кун— 1268 йил 29 ноябрдан 1271 йил 1 сентябргача давом этган. У Италиянинг Витербо шаҳрида Папа Климент IV вафотидан сўнг ўтказилган ва Григорий X сайланиши билан якунланган. Унинг бунчалик чўзилишига кардиналлар орасидаги сиёсий келишмовчиликлар ва дунёвий ҳокимиятнинг аралашуви сабаб бўлган. Охир-оқибат, маҳаллий аҳоли узоққа чўзилган бу жараёндан чарчаб, кардиналларни қамаб қўйишган, овқат миқдорини қисқартиришган ва ҳатто томни очиб ташлашган — шу тариқа Папани тезроқ сайлашга мажбур қилишган. 

                                              Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар