АсосийЖамият

5 йиллик танаффусдан сўнг: Қозоғистонда Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди

Парадда Қозоғистон Қуролли Кучларининг барча турларидан 4000 дан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этди.

'5 йиллик танаффусдан сўнг: Қозоғистонда Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди'ning rasmi

5 йиллик танаффусдан сўнг: Қозоғистонда Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди. 

2025 йил 7 май куни Қозоғистон пойтахти Астанада Буюк Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали ҳарбий парад бўлиб ўтди. Бу сўнгги беш йил ичида мамлакатда ўтказилган биринчи ҳарбий парад ҳисобланади.

Парадда Қозоғистон Қуролли Кучларининг барча турларидан 4000 дан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этди. Шунингдек, 200 дан зиёд ҳарбий техника воситалари, жумладан 66 та ҳарбий самолёт ва вертолётлар намойиш этилди.

Тадбир чоғида Қозоғистон мудофаа-саноат мажмуаси корхоналари томонидан яқин келажакда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган замонавий роботлаштирилган қайиқлар, дронлар ва жанговар машиналар ҳам тақдим этилди.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев парадда чиқиш қилиб, бутун мамлакат фуқароларини ушбу тарихий сана билан табриклади. У ўз нутқида миллий бирлик ва мустаҳкам армия Қозоғистон мустақиллигининг асосий кафолатларидан бири эканини таъкидлади.

Аввалроқ эса Қозоғистон Мудофаа вазирлиги 7 май (Ватан ҳимоячилари куни) ва 9 май (Ғалаб куни) муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмасдигини хабар қилган эди. 

Бу қарор иқтисодий тежамкорлик ва “бошқа муҳимроқ вазифалар мавжудлиги” билан изоҳланган. Бироқ охирги соатларда парад ўтказилишига рухсат берилган кўринади. 

Маълумот учун: Қозоғистонда 2020 ва 2021 йилларда коронавирус пандемияси сабабли ҳарбий парадлар бекор қилинган эди. Кейинги 2022 ва 2023 йилларда эса бюджет маблағларини тежаш мақсадида парадлар ўтказилмади. 2024 йилда ҳам расман парад ўтказилиши режалаштирилмагани ҳақида Қозоғистон Мудофаа вазирлиги маълум қилган эди. Аммо 2025 йилда – Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан бу қарор қайта кўриб чиқилди.

Қайта тикланган ҳарбий парад нафақат тарихий хотира, балки Қозоғистоннинг мудофаа салоҳияти ва техник имкониятларини намоён этишга қаратилган муҳим сиёсий ва маънавий тадбир сифатида қайд этилди.

                                              Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар