Навоий вилоятининг Кармана туманида икки нафар ёшлар етакчиси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев маълум қилди.
Қайд этилишича, Кармана туманидаги Фарҳод маҳалласининг ёшлар етакчиси Улуғбек Облоқулов ва ушбу туманнинг Баҳром маҳалласининг ёшлар етакчиси Муҳриддин Баҳронов автоҳалокат сабаб вафот этган.
“Бир кунда тизимнинг ёш ва забардаст икки етакчисининг кутилмаганда бундай бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этиши – жуда оғир мусибат. Жамоамиз номидан марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз. Вафот этган дўстларимизнинг ота-онаси ва яқинларига моддий ва маънавий кўмак кўрсатилади”, деб ёзган Саъдуллаев.
Бундан ташқари, ЙТҲга учраганлар орасида Кармана тумани Ёшлар ишлари бўлими шуъба мутахассиси Валижон Қосимов ҳам бўлган. Айни пайтда у шифокорларнинг назорати остида қолмоқда.
“Унинг ҳам тезроқ шифо топиб, тузалиб кетиши учун барча имкониятларни ишга соламиз ва ёрдам берамиз”, дейди агентлик директори.
Ўзбекистон инсон хуқуқлари “Эзгулик” жамиятидан Хайрулла Қиличнинг ёзишича, улар кеча, 3 май дам олиш кунида раҳбарият топшириғи билан кетаётган вақтида автоҳалокатга учраган. Марҳумлар – Муҳриддин Баҳронов 23 ёшда ва Улуғбек Облоқулов 29 ёшда бўлган.