Қизамиқ, кўкйўтал, дифтерия, қоқшол... Булар — эмлаш орқали олдини олса бўладиган касалликлар. Ҳатто яқин йилларгача ушбу патологияларга жиддий хавф омили сифатида қаралмай ҳам қўйганди.
Бироқ кейинги пайтларда ана шу хасталиклар дунё бўйлаб яна кенг тарқала бошлади. Айниқса, Европа ва Марказий Осиёда бу борада эпидемиологик вазият барқарор эмас. Миллионлаб одамлар ҳаёти хавф остида, дея хабар бермоқда ССВ.
Қайд ўтилишича, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге ва ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Регина Де Доминичис томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда шу ҳақда сўз боради.
Ўтган йили Европа минтақасида қизамиқ билан касалланганлар сони 127 минг нафардан ошган. Бу — сўнгги 27 йилдаги энг юқори кўрсаткич.
Кўкйўталга чалинганлар сони эса 2023 йилда 87 минг нафарга етиб, охирги 29 йилдаги рекорд даражадаги ўсиш тенденцияси кузатилган.
Бу — минтақада болаларни мунтазам эмлаш қамрови турғун қолаётгани, айрим мамлакатларда эса сезиларли даражада камаяётгани оқибатидир. Яъни ҳар йили ярим миллиондан ортиқ болалар вакцина олишдан четда қолмоқда.
Агар ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, келгусида минтақада эпидемиологик вазият кескинлашиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ва ЮНИCЕФ барча мамлакатларни бу йўналишда шошилинч чоралар кўришга чақирди.