АсосийСиёсат

Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги 8 та қадимий қалъаларни ўзаро боғловчи тўрт кунлик “Қалъа тур” маршрути ишлаб чиқилади

Хоразмда бирорта халқаро брендли меҳмонхона йўқлиги танқид қилинди.

'Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги 8 та қадимий қалъаларни ўзаро боғловчи тўрт кунлик “Қалъа тур” маршрути ишлаб чиқилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

“Хоразм – шонли тарихимиз билан янги ислоҳотларимиз туташган чорраҳа, десак муболаға бўлмайди. Логистика занжирларидан узоқда, табиий ресурслари чекланган бу диёрда ўтган йили “Кичик ва ўрта бизнес йили” бўлди, дейиш учун барча асосларимиз бор”,

 - деди давлатимиз раҳбари. 

2024 йили вилоятда 7 минг янги тадбиркор иш бошлади, 47 та корхона кичикдан ўртага ўтди, 10 дан ортиқ тадбиркорнинг айланмаси 200 миллиард сўмдан ошди. Буларнинг ҳисобига вилоятда бир йил ичида 290 минг аҳоли ишли бўлди.

Лекин, катта ўзгаришларга қарамасдан вилоятда камбағаллик ҳали ҳам 12 фоиз атрофида, 45 минг фуқаро ишсиз экани, айланмаси 1 триллион сўмдан ошган атиги 1 та корхона борлиги қайд этилди.

Шу боис, вилоят раҳбарияти, 13 та туман ҳокими ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, янги иш ўринлари яратиши, саноат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги, экспорт салоҳиятини янада ошириш, ижтимоий соҳа ва инфратузилмадаги муаммоларни ҳал қилиш учун қатъият ва масъулият билан ҳаракат қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда туризм экспорти салоҳияти 10 миллиард доллар бўлса, шунинг 2 миллиард доллари айнан Хоразмга тўғри келиши таъкидланди. Лекин бу тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Ўтган йили фақат 1,3 миллион хорижий турист келган ва экспорт 400 миллион долларга ҳам етмаган.

Ваҳоланки, масъулларда Хоразмни минтақадаги етакчи туристик марказлардан бирига айлантириш учун имкониятлар етарли экани қайд этилди.

Вилоятда жами 263 та маданий мерос объекти мавжуд. Бундан самарали фойдаланиб, туризм хизматларини ташкил этаётган тадбиркорлар кўп. Лекин, Хива шаҳри, Хива ва Янгиариқ туманлари ҳокимлари салоҳияти юқори 14 та объектни тадбиркорлар билан туристик масканга айлантириш бўйича ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, Хоразмдаги кўплаб маданий ёдгорликлар ҳали ўрганилмай турибди. Ҳазораспдаги “Сулаймон қалъа”, Боғотдаги “Қалажик қалъа” каби тарихий масканлар, Янгиариқдаги “Хон боғи”, “Олма отишган қалъа” тарихий объектлари ҳақида маълумот кам.

Шу мақсадда ташкил этилган Ўзбекистон тарихчилар жамиятининг Хоразм бўлими фаолияти давлат бюджетидан таъминланиши белгиланди.

Мутасаддиларга чет элдан тажрибали археологларни жалб қилиб, тарихий обидаларни аниқлаш ва тиклаш бўйича амалий ишларни бошлаш топширилди.

Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги 8 та қадимий қалъаларни ўзаро боғловчи тўрт кунлик “Қалъа тур” маршрути ишлаб чиқилади. Ушбу қалъалар атрофида мастер-режа асосида хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади.

Вилоятда гастрономик туризмни ривожлантириш учун ҳам катта салоҳият борлиги таъкидланди.

“Арда Хива” мажмуасига вилоятлардан биттадан ресторатор олиб келиш, Хива шаҳрининг Мевастон ва Газчи маҳаллаларида бир неча ресторанлардан иборат 2 та замонавий “фуд-корт” ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Миллий таомларимизни хорижда танитаётган рестораторлар қўллаб-қувватланади.

Мутасаддиларга хорижда ўзбек ресторанларини ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришни йўлга қўйиш топширилди.

Хоразмда 40 дан ортиқ ҳунармандчилик йўналишлари ривожланган бўлиб, сайёҳлар маҳсулот тайёрлаш жараёнига ҳам қизиқади.

Шу муносабат билан Мевастон маҳалласида 6 гектар ерда Ҳунармандчилик маркази ташкил этилади.

Ҳар йили ҳунарманд шогирдларни тайёрлашга 1 миллиард сўм ажратиб борилади.

Вилоятда бирорта халқаро брендли меҳмонхона йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Хоразмда янги қурилган меҳмонхоналарни субсидиялаш давом эттирилиши белгиланди. Бунинг ҳисобига йил якунигача 2,5 минг ўринли 40 та меҳмонхонани ишга тушириш, шундан камида 2 таси бренд меҳмонхона бўлиши шартлиги қайд этилди.

Сайёҳлар иссиқ кунларда вилоятда сузиш ҳавзалари етишмаслигини айтишади. Шу боис меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар ҳудудида бассейн қуриш харажатининг бир қисми ҳам қоплаб берилади.

Хоразмда хитой, араб, япон, испан тилини биладиган гид, официант, савдо ва сервис ходимларига ҳам талаб ошмоқда. Гид-экскурсаводлар асосан инглиз, рус ва француз тилларида хизмат кўрсатади. Кўрсатилаётган хизматлар сифати, ходимларнинг этикаси бўйича ҳам саволлар кўплиги қайд этилди.

Шунинг учун Хива туризм техникумида йилига 100 нафар гид, яна шунча сервис ходимини камида 5 та талаб юқори тилга ўқитиш зарурлиги таъкидланди.

    Бошқа янгиликлар