ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Низом Эрматов жавоб берди.
Аллергияга сабаб бўлиши мумкин — Қулупнай истеъмолида эҳтиёт бўлинг!
Мутахассиснинг қайд этишича, қулупнай мевалар ичида озиқавий ва биологик қиймати юқори, витамин ва минералларга бой бўлган, баҳор ва ёз фаслларида кенг истеъмол қилинадиган неъматлардан бири ҳисобланади. Бироқ бу мевани етиштириш ва истеъмол қилиш жараёнида бир қатор гигиеник ва саломатлик масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарур.
Маълум қилинишича, қулупнай баъзан зарарли пестицидлар ёрдамида етиштирилади, уларнинг айрим қолдиқ моддалари меванинг юзасида сақланиб қолиши мумкин. Хусусан, тупроқ гигиеник талабларга жавоб бермаса, қулупнай орқали турли паразитлар, шу жумладан гижжа қурти тухумлари инсон организмига тушиши эҳтимоли мавжуд.
Шу боис, қулупнайни истеъмол қилишдан аввал унинг яшил баргли қисмини олиб ташлаш ва мевани тозалаб, яхшилаб ювиш тавсия этилади. Тиббиёт мутахассислари қулупнайни тузли ёки содали сув билан ювмасликни, бу усуллар меванинг ташқи юпқа қаватини шикастлаб, унинг озиқавий қийматини пасайтиришини таъкидлашмоқда.
Қулупнай таркибида C витамини (аскорбин кислота), фолат (фолё кислота), магний, марганец, селен ва айрим ҳолларда темир ва ёд каби минераллар мавжуд. Аммо шунга қарамасдан, ортиқча ва назоратсиз истеъмол қилинганда қулупнай аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин. Бу айниқса болалар, аллергияга мойил инсонлар учун хавфли ҳисобланади.
Шунингдек, деҳқонларимизга қулупнай теримини эрталаб амалга ошириш ва мевани тезкорлик билан тўғри шароитда сақлаш тавсия этилади. Чунки кечқурун терилган ва нотўғри сақланган қулупнай тезда бузилиши мумкин.
Мутахассис аҳолини қулупнай мевасини эҳтиёткорлик билан танлаб, ювиш ва истеъмол қилишга чақирмоқда.