АсосийДунё

Эрон ҳам Сурияни тарк эта бошлади

Бироқ Эрон расмийлари ҳозирча буни тан олмаган.

'Эрон ҳам Сурияни тарк эта бошлади'ning rasmi

Эрон ўз ҳарбийлари ва фуқаролик хизматидаги ходимларини Суриядан эвакуация қилишни бошлади. The New York Times нашри шу ҳақда хабар қилган.

Исёнчиларнинг шиддат билан Сурияни эгаллаб олаётгани ва пойтахт Дамашқ шаҳрига борган сари яқинлашиб бораётгани Теҳронни шунга мажбур қилган. Бироқ Эрон расмийлари ҳозирча буни тан олмаган.

Шу билан бирга, ишончли манбаларга кўра, Эрон Сурияни тарк этаётгани борасида далиллар кўп. Эрон расмийлари Дамашқдаги Эрон элчихонаси ҳамда “Ислом инқилоби қўриқчилари” корпуси базаларидан мутахасиссис ва ҳарбийларни зудлик билан олиб чиқиб кетиш ҳақида буйруқ берган. 

Суриядан олиб чиқилган Эрон мансабдорлари орасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг юқори мансабли шахслари ҳамда уларнинг оилалари ҳам бор.

Айрим эронликлар самолётда Теҳронга жўнаб кетган, бошқалари қуруқлик йўллари орқали Ливан, Ироқ ва Суриянинг Латакия портига жўнаб кетмоқда. 

Экспертларнинг айтишича, бу жараён Эроннинг кучайиб бораётган ҳарбий кескинлик фонида Сурия режимини бошқа қўллаб-қувватлай олмаслигини тан олганини англатади. 

Таъкидлаш лозим, Эрон Россия билан бирга диктатор Башар Асаднинг Сурияда 10 йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушида тахтдан қуламаслиги учун ёрдам бериб келган муҳим иттифоқчилардан ҳисобланади. Асад режими эса Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” шиа жангарилари ҳамда бошқа қуролланган эронпараст жангари гуруҳлари билан бирга Эроннинг Яқин Шарқ минтақасидаги таъсирини таъминлаб турган асосий геосиёсий элементлардан бири сифатида кўрилади.

    Бошқа янгиликлар