АсосийСаломатлик

Офис ходимларига қандай касалликлар хавф солади?

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунё аҳолиси орасида суяк, томир ва бўғим хасталиклари сони кескин ортиб бормоқда.

'Офис ходимларига қандай касалликлар хавф солади?'ning rasmi

Бунга эса асосан камҳаракатлик ва жисмоний фаоликнинг етишмаслиги сабаб бўляпти, дея хабар бермоқда ССВ Матбуот хизмати.

Сир эмас, бугун кўпчилик инсонлар иш ёки ўқиш сабабли асосий вақтини компьютер қаршисида ўтказади. Уларнинг наздида тинч ва осойишта хонада хотиржам ишлаш касбий хавф-хатарлардан холидек туйилади. 

Бироқ бундай шароитда меҳнат қилишнинг ҳам ўзига яраша муаммолари йўқ эмас. Агар улардан ўз вақтида ҳимояланмаса, саломатликда жиддий ўзгаришларни пайдо қилиши мумкин.

Хусусан, аксарият офис ходимлари бош оғриғи, сурункали чарчоқ, кўз ачишиши ёки қизариши, бел ва бўғим оғриқлари, қорин дам бўлиши ҳамда оёқ увишиши каби муаммолардан шикоят қилади. Ушбу ҳолат замонавий тиббиётда “офис ходими синдроми” дейилади.

Албатта бу муаммо ўз-ўзидан юзага келмайди. Хусусан, хизмат тақозоси билан бир жойда ўтириб ишлайдиган кишилар камҳаракат бўлишади. Биламизки, жисмоний фаоллик суст бўлса, танада қон айланиши меъёрда кечмайди. Оқибатда инсонда ортиқча вазн ва семизлик келиб чиқади.

Шунингдек, ҳаракатсиз ҳолатда (кўпинча энгашиб ўтириш) узоқ вақт ўтирилганда бўғимлар “қотиб” қолади. Қон етиб келиши тўлиқ бажарилмагани боис оёқ увишади. Шу билан бирга, мазкур ҳолат бавосил тугунларининг ҳосил бўлиши, кичик тос аъзоси безовталиклари ҳамда вена қон томирларида варикоз кенгайишига олиб келади. 

Бундан ташқари, узоқ вақт бир жойда ва компьютер қаршисида ўтириб ишлаш туфайли организмда яна бир муаммо – қуруқ кўзлар синдроми пайдо бўлади. Оқибатда кўз ичи қизариши (ачишиш, ёшланиш) ҳолати кўп кузатилади.

Хўш, бундай муаммолардан халос бўлиш учун қандай тавсияларга амал қилиш зарур?

Аввало, хонада стол, стул ва компьютернинг тўғри жойлашишига эътибор бериш керак. Бел ва бўйин оғриқларининг олдини олиш учун компьютер мониторини кўзнинг текислигида ўрнатиш ва стулнинг белга ёрдам берувчи орқаси бўлишига аҳамият бериш лозим.

Ҳар бир офис ходими иш вақти давомида (имкон қадар ҳар бир-икки соатда) 5-10 дақиқалик танаффус қилиши мақсадга мувофиқ. Бу пайтда бир неча маротаба ўтириб, туриш, гавдани ён томонга ҳаракатлантириш, бошни соат мили бўйлаб айлантириш, лифт ўрнига зинадан фойдаланиш тавсия этилади.

Бел оғриқларидан ҳимояланишда курси суянчиғига махсус ортопедик ёстиқ ўрнатиш мақсадга мувофиқ. Ҳатто, бундай ёстиқлар бавосил билан оғриган кишилар учун ҳам тавсия этилади.

Ҳар икки соатда бўйин мушаклари учун машқ бажарилиши, бўйин остеохондрози профилактикаси ҳисобланади. Айниқса, энса ва курак соҳасида оғриқ, увишиш кузатилганида бундай машқлар ғоят фойдали.

Офис ходимларида тизза бўғимларининг бир хил букилган ёки ёзилган ҳолатда кўп қолиб кетиши оқибатида унинг дренаж функцияси, озиқланиши  бузилади. Натижада артроз-бўғим касаллиги келиб чиқади. Шу боис оёқлар ҳолатини алмаштириб туриш, ўтирган ҳолда велосипед ҳаракатларини олдинга ва орқага бажариш, чуқур нафас чиқариб ўтириш ва чуқур нафас олган ҳолда туриш машқларини бажариш керак.

Компьютерга узоқ вақт қараш кўзлар чарчашига олиб келиши сабабли уларни ўнг, чап, тепа ва пастга ҳаракатлантириш, тез-тез юмиб, очиш жуда фойдали. Муҳими, компьютер қаршисида узоқ вақт ўтирмаслик, ҳар 20 дақиқада 20 сония 6 метр масофага қараш кўзлар чарчашининг олдини олади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'ЖССТ туберкулёзни тезкор аниқлашга мўлжалланган янги диагностика усулини тасдиқлади'ning rasmi

    Саломатлик 09.12.2024 12:31

    'Бугун – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни'ning rasmi

    Саломатлик 01.12.2024 09:11

    Бугун – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни

    Ҳозир дунёда ОИВ инфекциясини юқтирган қарийб 40 млн нафар бемор бор. Улар сони йилига 1,5 млн кишига ортяпти.

    'Ер юзи аҳолисининг қарийб ярми оғиз бўшлиғи касалликларидан азият чекмоқда'ning rasmi

    Саломатлик 28.11.2024 13:29

    Ер юзи аҳолисининг қарийб ярми оғиз бўшлиғи касалликларидан азият чекмоқда

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, оғиз бўшлиғи патологиялари — юқумли бўлмаган касалликларнинг энг кенг тарқалган турларидан.

    'ЖССТ маймун чечагига қарши иккинчи вакцинани тасдиқлади'ning rasmi

    Саломатлик 25.11.2024 14:10

    'Гриппдан сўнг организм қанча вақтда тикланади?'ning rasmi

    Саломатлик 12.11.2024 13:19

    Гриппдан сўнг организм қанча вақтда тикланади?

    Ҳозир бу мавзу кўпчилик учун долзарб.

    'ЖССТ зудлик билан вакциналар ишлаб чиқиш зарур бўлган касалликлар рўйхатини эълон қилди'ning rasmi

    Саломатлик 11.11.2024 12:23

    ЖССТ зудлик билан вакциналар ишлаб чиқиш зарур бўлган касалликлар рўйхатини эълон қилди

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тезкор равишда янги вакциналар ишлаб чиқиш зарур бўлган 17 та патоген рўйхатини тақдим этди.