Ўзбекистон Электрон ОАВ Миллий ассоциацияси, «Uzbekistan Today» ахборот агентлиги, «Mening Yurtim»телеканали, «Sevimli-tv.uz» интернет-телеканали, «Uzreport-TV» телеканали, «Даракчи информ сервис», «Ўзбекистон кабель телевидениеси», «Пойтахт», «Водий садоси» радиостанциялари ва бошқалар томонидан ташкил этилган лойиҳа — «PressClub: Elections.uz-2016» ижтимоий-фуқаролик ташаббуси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жорий йил 30 ноябрда расман очиладиган бу мультимедиа майдонни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.
“Биз мулк шаклидан қатъий назар барча хорижий ва миллий ОАВ учун мутлақо очиқмиз. Бу мультимедиа майдонида илғор технологиялар жамланганди: юқори тезликдаги интернетга эга бўлган 80 дан ортиқ замонавий компьютерлар ўрнатилди, IT-технология, дизайн ва мультимедиа соҳасидаги энг сўнгги ютуқлардан фойдаланилди. Булар натижасида илғор дунё стандартларига мос келувчи клуб ташкил этишга муваффақ бўлинди. Пресс-клуб wi-fi алоқаси билан таъминланган, мамлакатдаги 10 та ҳудудий нодавлат телестудиялар, ЭОАВМА студиялари билан онлайн-боғланиш, шунингдек, алоҳида узатувчи телестанция ўрнатиладиган Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази билан бевосита онлайн алоқа йўлга қўйилди. Шундай қилиб, кўплаб журналистлар пресс-клубда туриб, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон сайлов жараёни воқеалари марказида бўладилар», – деб айтди пресс-клуб раҳбари, ЭОАВМА бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов.





