Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақларига махсус устама берилиши белгиланган.
Наманганлик ўқитувчи А.Қудратов оиласи ва туғилиб ўсган жойидан анча олисда Сурхондарё вилояти, Узун туманининг чекка бир қишлоғида жойлашган мактабда иш фаолиятини олиб борган бўлса-да, унга белгиланган қўшимча устама ҳақлари тўлаб берилмайди.
Ушбу масала фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судида кўриб чиқилиб, ўқитувчи фойдасига жами 16 миллион 336 минг сўм ундириб берилиши белгиланди.
Мажбурий ижро бюроси Узун туман бўлими иш юритувига ижро ҳужжати қабул қилиниб, дарҳол ижро ҳаракатларига киришилди. Қарздор муассаса раҳбари огоҳлантирилиб, ҳисоб рақамларига инкассо топшириқномалари юборилган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари чоғида наманганлик ўқитувчи фойдасига белгиланган иш ҳақлари ва компенсация тўловлари тўлиқ ундириб берилиши таъминланди.
Шундан сўнг, ижро ҳужжатлари белгиланган тартибда тамомланиб, қарздор муассасага нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинди.






