Мазҳабимизга кўра закотда унинг қийматини бериш мумкин. Бунда бериладиган буюмнинг фақирларга манфаатлироғ бўлиши кўзда тутилган. Шунингдек, маҳсулот ўрнига унинг қийматидаги бошқа нарсани закот олишга ҳақли бўлган кишига олиб бериши ҳам мумкин.
Шунинг учун агар талаба, аҳли илмлар закот олишга ҳақли бўлса, унга зарур китобни олиб бериш мумкин. Бунда берилган китоб талабанинг шахсий мулкига ўтиши керак. Бундай қилса илм аҳлини қўллаб қувватлагани ва илмни тарқатишга ҳисса қўшгани учун ҳам зиёда ажрга эга бўлади. Аммо бу ишни муассасаларга қилиб бўлмайди. Масалан, китобларни олийгоҳнинг кутубхонасига олиб бериб, умумфойдаланиш учун қўйишлик билан закот адо бўлмайди. Чунки закот юқорида айтилганидек шахсларга мулк қилиб бериш билан адо бўлади. “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилган:
“Етимнинг васийси ўз закотидан унинг кийими ва еб-ичадиган нарсаси учун берса, кийимида закот шаксиз ўтади. Чунки мулк қилиб бериш топилади. Шунингдек, егуликни ҳам унга ўз қўллари билан топширган қисмида ўтади. Аммо етимнинг ўзига берилмасдан едирилган қисмида закот ўтмайди. Чунки бу ҳолатда мулк қилиб бериш топилмайди”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.






