— Эҳ, хотин! Мен бўлмасам, нима қилардинг-а?
— Шуни айтинг, сизсиз уйимдаги диваним ҳувиллаб қолармиди... Яхшиям бор экансиз, дадаси, — шундай дея идишларни ювиш учун неча ойдан бери бузилиб ётган жўмракдан жилдираб оқаётган сувга тутаман. «Ҳа, эркакларга мазза», дейману қўлим ишдан бўшамайди, хаёлим ўйдан. Қизиқ-да, ўйлаб кўринг:
- Анжелина Жоли аллақачон «модадан қолган» бир пайтда севимли актёримиз Мурод Ражабовни омма қанчалик яхши кўришига аҳамият берганмисиз?
- Бир ҳафталик дам олишга борса ҳам биттагина сумка билан чеклана олади. Қайтар чоғида ҳам юкнинг керакли вазндан ортиб кетиш хавфи бўлмайди.
- Эрталаблари уни «эгнимга нима кийсам экан?» деган савол қийнамайди.
- Эркаклар либоси сотиладиган дўконларда кийимни кийиб кўриш учун узоқ навбат кутмайди.
- Тўй ёки бошқа бирор маросимга бориб келиб, «энди қандай озаман, қайси парҳезни тутсам экан», деб ўйланиб ўтирмайди.
- Тўйга кетаётиб, «бу костюмимни қариндошларим кўрган», деб бош қотирмайди.
- Дўстлари қоматининг ўзгаришига танқидий фикр билдиришмайди. Ошна-оғайнилари учун янги шимини қайси бозордан неча пулга олганининг ҳам аҳамияти йўқ.
- Эркаклар «хотиним кеча ишдан кеч қайтди, сабаби нимада экан-а…» деб ўйламай, хотиржам футбол томоша қилади.
- «Мўйловим билинмаяптими? Қошимни тердирсамми», деган бемаъни фикр уларда умуман йўқ.
- Телефон орқали суҳбат узоғи билан 40 сония вақтни олиши мумкин. Энг муҳими, бу қисқа фурсат ичида у энг муҳим масалаларни икир-чикиригача ҳал этишга улгуради.
- У она деб аталмиш ҳимоячиси борлигини билади. Шунинг учун ҳам айбдор бўлса-да, доим сувдан қуруқ чиқади.
- Бирор тантанага кимдир уникига айнан ўхшаш костюм кийиб келса, асабийлашмайди. Аксинча, у ҳатто ўша одам билан дўстлашиб кетиши ҳам мумкин.
- Душ, сочиқ, тароқ (баъзан тароқ ҳам шарт эмас). Бўлди, унинг соч турмаги тайёр!
- Ишга кираётиб, раҳбари учун нечта фарзанди борлиги, тез-тез касалликка чалиниб, иш қолдирмаслигининг аҳамияти йўқ.
- Энг муҳими, у ҳеч қачон ўзидан чиройлироқ жононни кўриб, «эримга кўз олайтирмадимикан», деб хавотирланмайди.
Хулоса: азиз дугоналар! Бу гапларни эржонингизга ўқиб беринг. Балки шунда улар аёл бўлиш осонмаслигини тушунишар, нима дедингиз?





