Ижтимоий тармоқларда Тошкент метросида поезд ишламай қолгани акс этган видео пайдо бўлди.
Мазкур ҳолатга Тошкент метрополитени изоҳ берди.
Маълум қилинишича, бугун, 7 февраль куни соат 08:55 ларда Чилонзор йўналишининг "Ҳамид Олимжон-Амир Темур хиёбони" перегонида ҳаракатланаётган 10-сонли ҳаракат таркибида техник носозлик ҳолати кузатилган. Бунинг натижасида, ушбу ҳаракат таркиби 3 дақиқа вақт давомида ҳаракатлана олмаган. Шу сабабли ортдан келаётган 4-сонли ҳаракат таркиби билан тиркамага олинган ҳолда ҳаракат таркиби текширув йўлаги томон юборилган.
Ҳозирги вақтда йўналишда поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида амалга оширилмоқда.
"Келтирилган ноқулайликлар юзасидан йўловчилардан узр сўраймиз", - дейилади хабарда.






