21 январь куни Хитой сафарида бўлиб турган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов Пекин Университети Кенгаши раиси Хао Пинг билан учрашди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати Darakchi.uz`га маълум қилди.
Хитойнинг энг қадимги университетларидан бири бўлган, дунёнинг етакчи 20 та олий таълим муассасалари қаторидан жой олган Пекин университети билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамлаш ва кенгайтириш икки томон музокараларининг бош мавзуси бўлди. К. Каримов мамлакатда сўнгги олти йилда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида хорижий ОТМларнинг Ўзбекистондаги филиаллари сони 30 дан ошгани ва бу амалиёт ўз ижобий натижаларини бериб, сифатли кадрлар етиштиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Шу ўринда Пекин университетининг филиалини республикада очиш таклифини илгари сурди.
Хао Пинг, ўз навбатида, Пекин университетининг хорижий давлатларда ҳозиргача бирорта филиали мавжуд эмаслигини таъкидлаган ҳолда, бу амалиётни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари ҳақида сўз юритди. Ўз навбатида у ўзбек математика мактабининг дунё илмий жамоатчилиги орасида катта нуфузга эга эканини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон-Хитой Халқаро Марказий Осиё математика марказини ташкил этиш таклифини берди. Шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторидаги кадрлар етишмовчилигини инобатга олиб, Ўзбекистон-Хитой муҳандислик мактабини очиш ҳам икки давлат иқтисодиётини ривожлантиришига хизмат қилишини қайд этди.
Комилжон Каримов мезбон тарафнинг таклифларини маъқуллаган ҳолда Пекин университети қошида Ўзбек тили марказини ташкил этиш бўйича ўз фикрларини баён этди. Мазкур марказга ўзбек филолог-олимлари, педагог-мутахассисларни таклиф этиш, марказга услубий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш масаласида ҳамфикр эканликларини мамнуният билан қайд этиб, ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишдилар.






