Наманганда болаларнинг йод препаратидан заҳарланиш воқеаси бўйича олиб борилаётган тергов ишида 3 нафар олима шифокор аёл эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Аёлларнинг икки нафари Ё.Х.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида, бир нафари Соғлиқни сақлаш вазирлигида фаолият олиб борган.
Жорий йилнинг 7 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Бош прокурор ўринбосарининг Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчилар ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган Н. А. (аёл, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази лаборатория мудири, катта илмий ходим ходим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Болалар бош эндокринологи, бош мутахассиси), Ф. Х. (аёл, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари – бош шифокори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош эндокринологи, бош мутахассиси) ҳамда 16 ноябрь куни Бош прокурор ўринбосарининг Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 257-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган Х. Г. (аёл, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган) га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномалари тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 7 ва 16 ноябрь кунларидаги ажримлари билан Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномалари қаноатлантирилиб, гумон қилинувчилар Н. А., Ф. Х. ва Х. Г. га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.






