Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Краснодар шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида муштлашув юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди.
Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолат жорий йил 25 ноябрь куни Краснодар шаҳрида жойлашган “Точно” корхонасининг қурилиш обектда содир бўлган. Ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий маълумот берди.
Корхонага тегишли қурилиш кранидан фойдаланиш масаласида ўзаро келишмовчилик оқибатида ушбу корхонада меҳнат фаолиятини олиб борётган 50 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ўртасида жанжал келиб чиққан.
"Ҳозирги вақтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерацияси ваколатхонаси ходимлари томонидан корхона раҳбарияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда томонларни ўзаро келиштирган ҳолда жавобгарликка тортмасдан ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда" дейилади хабарда.






