Олмазор туманида юқори кучланишли электр узатиш тармоғида носозлик юзага келди. Бу ҳақда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Олмазор туманининг: Қорақамиш 1/2, 1/3, 2/1, 2/4-мавзелари, «Пахта», «Тепа Гузар», «Сагбон», «Гулзор» МФЙлари, Норас Тепа, Нозимахоним 3-тор, Сагбон 1-тор, Сагбон 2-тор, Сагбон 12-тор, Сагбон 13-тор, Келес ёли, Оразбоева, Олтинсой, Мояриқ, Мойқоргон, G.Gafurov, Охунбобоев ҳамда Дадабаева кочалари ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи 110/35/10 кВА бўлган «Сағбон» подстанциясидаги мавжуд юқори кучланишли электр қурилмасида фавқулодда авария ҳолатида электр таъминотида узилиш содир бўлди.
Айни вақтда, Олмазор туман электр таъминоти корхонасининг тезкор чиқиш бригадалари зарур электр қурилмалар ҳамда махсус автотранспорт воситалари билан мазкур носозликни бартараф этишга жалб этилган.
Олмазор туманидаги 110/35/10 бўлган «Сағбон» подстанциясидаги носозлик тезкор бригада ходимлари томонидан бартараф этилмоқда. Тез орада мазкур носозлик тўлиқ бартараф этилиб, тармоқ орқали электр энергияси етказиб берилиши тўлиқ тикланади.
"Юзага келган фавқулодда аварияли узилиш вақти келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз", - дейилади хабарда.






