АсосийJamiyat

Расул Кушербаев Конституциявий судга шикоят киритди

'Расул Кушербаев Конституциявий судга шикоят киритди'ning rasmi

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Адлия вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланган Адвокатлар палатаси раиси бўйича тақдимнома киритиши  Конституцияга зид эканлиги ҳақида Конституциявий судга шикоят киритди. Собиқ депутат бу ҳақда ўз Телеграм канали орқали хабар берди.

 Унга кўра, янги Конституциянинг 72-моддасига кўра, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Шу боис, шикоятда "Адвокатура тўғрисида"ги қонунда янги Конституция талабларига зид нормаларни кўриб чиқиш ва Конституция устуворлигини таъминлаш чораларини кўриш сўралган.

Конституциянинг 16-моддасида бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Яқинда Адвокатлар палатасининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтади ва унда янги раис сайланади. Агар Конституцияга зид қонун ўзгартирилмаса палатага янги раис ким бўлишини яна Адлия вазирлиги ҳал қилади.

Маълумот учун: қонунга кўра, фуқаролар Конституцияга зид қонун ва бошқа ҳужжатлар уларнинг ҳуқуқларини бузаётгани бўйича Конституциявий судга шикоят киритишлари мумкин.

    Бошқа янгиликлар