Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг ҳужумлари Исроил ва Саудия Арабистони муносабатларига путур етказиш мақсадида уюштирилган.Бу фикрни АҚШ президенти Жо Байден билдирган.
“Улар менинг саудияликлар билан музокара столига ўтиришимни билишарди. Саудияликлар Исроилни тан олишни хоҳлашди”, деди Байден маблағ йиғиш маросимида.
Унинг сўзларига кўра, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужум қилиши сабабларидан бири шундаки, у Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнини бузиши керак эди.
Аввалроқ Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон блокададаги Ғазо секторига Исроил ҳужумларини тўхтатиш зарурлигини маълум қилганди.
"Биз бугун Ғазо секторида зўравонлик кучайиб бораётганидан қайғудамиз, бунинг учун бегуноҳ фуқаролар ўлаяпти", - деди у.
Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик алоқалар йўқ. Бироқ, АҚШ маъмурияти Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Марокаш, Судан ва Исроил ўртасида эришилган келишувга ўхшаш Ар-Риёд ва Тел-Авив ўртасида воситачилик қилмоқда.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти Иззаддин ал-Қассам бригадалари Исроилга қарши Ал-Ақсо тўфони операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ХАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда “Темир қиличлар” операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 4100 дан ортиқ фаластинлик ва 1400 исроиллик ҳалок бўлди.





