23−24-октябр кунлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД) маъмури Саманта Пауер Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
У Минтақавий алоқалар бўйича С5+1 форматидаги (АҚШ + Марказий Осиё мамлакатлари) биринчи вазирлар конференсиясини ўтказади ҳамда “АҚШ ҳукуматининг минтақа давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва фаровонлигига содиқлигини тасдиқлайди”.
2015-йилдан буён “С5+1” мулоқоти АҚШ ҳукуматининг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун асосий дипломатик платформаси бўлиб келмоқда.
Тараққиёт масалалари бўйича вазирлар учрашуви минтақавий ўзаро алоқалар, савдо, иқтисодий ўсиш ва тадбиркорлик, иқлимий ва энергетик ечимлар, шунингдек, ёшлар учун имкониятларга урғу қаратган ҳолда Марказий Осиёда инклюзив, барқарор иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш бўйича аниқ чоралар кўриш учун [минтақадаги] барча бешта давлат вазирларини тўплаган ушбу платформани мустаҳкамлайди.






