Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабабчи дея қаралаётган “Док-1 Макс” сиропи бўйича бошланган суд 18 октябрь куни ўз ишини давом этирди.
“Дарё” хабарига кўра, навбатдаги мажлисида мазкур сиропнинг 2021 йилда мамлакатга кириб келган асал таъмли қисмида ҳам заҳарли моддалар бор бўлгани, аммо бундан ҳеч ким шикоят қилмагани айтилди.
“Док-1 Макс” сиропининг 2020 йилда ишлаб чиқарилган лимон таъмли қисмида заҳарли модда бўлмаган, бироқ 2021 йилда ишлаб чиқарилган асал таъмли сериясида эса болалар ўлимига сабаб бўлган заҳарли модда — этиленгликол моддаси бўлган.
“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКнинг Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаш лабораторияси мудири Г.Б ишлаб чиқарувчи томонидан 2021 йил лаборатория учун тақдим этилган лимон таъмли сиропларда ўлимга сабаб бўлувчи заҳарли модда чиқмаганлигини айтган.
Унинг билдиришича, қайта рўйхатдан ўтказиш мақсадида лаборатория синовлари учун берилган 33 флакон сироплар орасида 2020 йилда ишлаб чиқарилган лимон таъмли сироплар ҳам бўлган. Ўзбекистонда сиропдан болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилгани тахмин қилингач, мазкур сироплар текширувдан ўтказилган. Аммо уларда заҳарли моддалар топилмаган.
Ишлаб чиқарувчилар томонидан 2021 йилда ишлаб чиқарилган асал таъмли сироплардан эса этиленгликол моддаси чиққан. Айтилишича, мазкур сироплар Ўзбекистонга киритилган бўлса-да, сотувга чиқишга улгурмаган.
Судья Мусо Юсуповнинг суд мажлисларидан бирида қайд этишича, 2022 йил Ўзбекистонга ҳиндистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган “Док-1 Макс” сиропидан 256 минг флакон кириб келган. Ўзбекистонлик 65 нафар бола айнан шу сироплардан заҳарланган.






