Жорий йилнинг 7 октябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 32 ёшли ўзбекистонлик эркак лифт шахтасига йиқилиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “Fontanka.ru” хабар берди.
Хабарда айтилишича, 32 ёшли марҳум Ўзбекистон фуқароси бўлган, у Стачек шоҳ кўчаси, 59-уйда жойлашган 7 қаватли бинонинг юқори қаватидан лифт шахтасига тушиб кетган.
“Вафот этган ўзбекистонлик ишлаган бинодаги қурилиш жараёни Капитал таъмирлаш жамғармасининг буюртмаси бўлиб, режа бўйича иш кейинги ҳафтада якунланиши керак бўлган”, дейилади хабарда.
Ҳозирда прокуратура мазкур ҳолатда Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилган ёки йўқлигини текширилмоқда. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишчининг ўлими сабабларини ўрганмоқда.






