Ижтимоий тармоқларда пахта даласида эрига йиғлаб мурожаат қилган аёл видеоси тарқалди. Мурожаатда аёл турмуш ўртоғиини қизининг тўйига таклиф қилган.
Тошкент вилояти ҳокими уни излаб топиб, тўйга кутилмаган совға топширди.
Бу ҳақида вилоят ҳокими телеграмм каналида шундай ёзади.
"Видео эр-хотин ўртасидаги ажримлар ва оилавий низоларнинг олдини олиш қанчалар муқаддас вазифа эканлигига эътибор қаратади.
Бугун пахта ҳосилини йиғим-терими мавсуми авжида. Замира опа ҳам шу инсонлар қаторида Ўрта Чирчиқ туманига келиб, теримда иштирок этаётган эканлар.
Видеони кўриб, сизнинг юрагингиздан қандай туғёнлар кечган бўлса, мен ҳам шундай қаттиқ таъсирландим. Излаб кўрсак, Ўрта Чирчиққа Сурхондарёдан келиб, теримда фаол қатнашаётган Замира опа Шайманова эканлар.
Афсуски, Замира опанинг оиласи уч йил бурун дарз кетган. Эри уйдан чиқиб кетгани бўйича қайтмаган. Йилда бир-икки марта қишлоққа келиб, кўчада ўғилларини кўриб, қайтиб кетар, бундан қизининг дили қаттиқ оғрир экан. Яқинда тўй. Қизнинг кўзлари эса отасининг йўлига муштоқ.
Умид қиламанки, бу воқеа ўша инсонга ҳам сабоқ бўлади ва оиласи бағрига қайтади. Биз бу ҳолатни назоратга олдик, хотин-қизлар ва оила институтлари орқали қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.
Энг катта ниятим, эр-хотин биргаликда қиз узатиб, элга тўй беришганида биз ҳам хизмат қилиб, уйларида меҳмон бўлиб ёшларга бахт тилашимиз насиб қилсин. Ишонаманки, худди шундай бўлади, биз шунга ҳаракат қиламиз.
Тўйда кўришгунча, Замира опа! Доим кулиб юринг! Яхши кунлар ҳали олдинда!" дейди Зоир Мирзаев.






