АсосийJamiyat

1 ноябрдан электрни кўп ишлатганлар учун нархлар каррасига ошириш мақсадларидан бири тушунтирилди

'1 ноябрдан электрни кўп ишлатганлар учун нархлар каррасига ошириш мақсадларидан бири тушунтирилди'ning rasmi

 Шу йилнинг 1 ноябридан бошлаб мамлакатимизда ўртача истеъмол миқдоридан кўп электр энергияси ишлатувчи истеъмолчилар ўсиб борувчи коэффициент доирасида ҳақ тўлай бошлашади. 
Яъни, ойига 1000 кВт•соатгача электр ишлатган фуқаролар амалдаги тариф, яъни 1 киловатт•соат учун 295 сўмдан тўлайди. Истеъмоли 1000 кВт•соатдан ошган фойдаланувчилар сарфлаган электр токи учун белгиланган равишда 2 баробардан 4 баробаргача ўсиб борувчи коэффициент доирасида тўлов қилишади. 
Тегишли ўзгаришлар Ҳукуматнинг 2023 йил 15 июлда қабул қилган 294-сонли қарорида кўзда тутилган. Унинг асосий мақсадларидан бири – аҳоли орасида энергия истеъмоли маданиятини кучайтириш ва бу орқали давлатимиз ҳамда жамиятимизнинг барқарор ривожланиши таъминлашдир. 
Хеч кимга сир эмас, охирги йилларда Ўзбекистонда электр энергияга бўлган талаб мунтазам ошиб боряпти. Бу албатта бежиз эмас. Республикамизда ҳар йили минглаб янги ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари иш бошламоқда. Аҳоли сони ортиб, одамларнинг яшаш шароитлари ҳам тобора фаровонлашиб бормоқда. 
Шу билан бирга, истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиши муаммоси ҳали хам долзарб аҳамият касб этмоқда. Халқимизда “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган мақол бор. Электр энергиянинг арзон нархда етказиб берилиши инсонда “Бу ресурс битмас-туганмас” деган нотўғри тушунчани шакллантиради. 
Ваҳолонки, биз электр энергияси чекланган ресурс эканлигини тушунишимиз керак. Замонавий бозор шароитида уни ишлаб чиқариш ҳамда якуний истеъмолчиларга етказиб бериш анча қимматга тушади. 
Бироқ Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика соҳасида нархлар ҳали ҳам бозор механизмига асосланган эмас. Натижада давлат уларни субсидиялашга мажбур. Бунинг оқибатида ҳар йили камида миллиард долларлик маблағ субсидия учун йўналтирилади. Аммо бу пуллар боғча, мактаб ва шифохоналар қурилишига сарфланса бўлар эди-ку. 
Киритилаётган ўзгаришлар биринчи навбатда фуқароларни электр энергиясидан оқилона фойдаланишга ундайди. Яъни “Ҳаддан ортиқ ишлатсанг, кўпроқ тўлайсан” тамойили одамларни электрнергияни рационал ишлатишига ундаши керак. 
Бу келажак авлод учун ғамхўрлик, ҳар бир инсоннинг ўз мамлакати тараққиётига қўшган ҳиссасидир. Кўплаб чет давлатларда тежамкорлик маданияти аллақачон шаклланиб бўлган. Бунга сабаб – электр энергияси ва бошқа ресурсларнинг нархлари анча баландлигидир. Агар одамлар улардан оқилона фойдаланмаса, исрофгарчиликка йўл қўйса, оилавий бюджетига ҳам салбий таъсир қилиши муқаррар. 
Хулоса Электр ҳам неъмат, унинг исроф бўлишига йўл қўймаслик, асраш масъулияти – барчамиз учун виждон иши, муқаддас бурч бўлиши керак. Бунда аҳоли сарфлаётган ойлик ёки йиллик электр энергия ҳажмини ўзи мустақил назорат ҳамда таҳлил қилиб бориши, хулоса чиқариши, табиий равишда тежамкорликни таъминлаши самарали натижа беради. 
Масаланинг яна бир жиҳати, энерготежамкорликни доимий маданиятга айлантириш учун молиявий мотивация ҳам бўлиши керак. Агар одамлар меъёридан кўп энергия сарфласа-ю, яна бунинг учун тежаб ишлатувчилар билан бир хил нархда тўлашда давом этса, тежамкорлик ҳақидаги маъруза-ю насиҳатлар ҳеч қандай иш бермаслиги аниқ. 
Шунинг учун ҳам ўсиб борувчи коэффициент киритилмоқда. Унинг мақсади аҳоли орасида тежамкорлик маданиятини кучайтириш, исрофгарчилик ҳолатларига чек қўйиш ва умуман, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашдан иборат. 

    Бошқа янгиликлар