Сурия ғарбидаги Хомс шаҳридаги ҳарбий коллежга учувчисиз учоқнинг ҳужуми оқибатида камида 80 киши ҳалок бўлди, 240 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Суриянинг Сана давлат агентлиги хабар берди, дея хабар берди мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ҳасан ал-Габбаш.
Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси қурбонлар орасида тинч аҳоли, жумладан аёллар ва болалар ҳам борлигини айтди. Сурия соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари олти аёл ва олти бола ҳалок бўлганига аниқлик киритди. Reuters манбасига кўра, ҳужум оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлган.
Ҳужум ҳарбий хизматчилар ва уларнинг яқинлари иштирок этган битирув маросими вақтида содир бўлган. Reuters агентлигининг ёзишича, маросимда Сурия Мудофаа вазири Али Маҳмуд Аббос ҳам иштирок этган. Агентлик маълумотларига кўра, у дрон ҳужумидан бир неча дақиқа олдин тадбирни тарк этган.
Сурия Мудофаа вазирлиги ҳужумда “таниқли халқаро партиялар томонидан қўллаб-қувватланган террорчилик гуруҳлари”ни айблади ва ҳужумга жавоб беришга ваъда берди. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги БМТ ва ташкилот Хавфсизлик кенгашини ҳужумни қоралашга чақирди. Сурия ҳукумати қурбонлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди.






