Маълумки, Сергели туманида содир бўлган фавқулодда ҳодиса натижасида аҳолининг зарар кўрган уй-жойларини тиклаш ишлари ҳамон жадал давом этмоқда.
Бу ишларнинг барчаси аҳоли учун бепул амалга оширилмоқда. Бироқ, мураккаб вазиятдан фойдаланиб, аҳолидан пул ундириш ниятида бўлган шахслар мавжудлиги аниқланди. Улар ҳукумат томонидан бепул амалга оширилаётган ишлар учун юртдошларимиздан пул сўраб, уларнинг соддалигидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги огоҳлантириш билан чиқди.
"Ҳурматли жабр кўрган юртдошлар! Барча ишлар сиз учун бепул равишда бажарилмоқда, ноинсоф шахсларнинг гапларига ишониб, алданиб қолманг!" - дейилади ҳокимлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборхонасида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлди. Тошкент ҳокими портлашдан талофат кўрган уйларнинг зарари қоплаб берилишини маълум қилди. Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар етиб борган.
ССВга кўра, портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Бир киши ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.






