Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вазирликлар ва идораларнинг ички аудит хизматлари томонидан ўтказиладиган масофавий аудит тадбирларининг кўлами ва сифатини ошириш, ички аудит хизматларининг хавфларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш имкониятларини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш тадбирлари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам Давлат бюджети харажатлари самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш белгиланган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтлари ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириш назарда тутилмоқда.






