Қозоғистонлик блогерлар энди ўз блогларида пуллик контент учун солиқ тўлайдилар. Бундай норма Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан имзоланган “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган, деб xaбар беради Акорда.
Қайд этилишича, қонун блогерларни юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва сохта маълумотлар учун жавобгарликка тортиш мажбуриятини юклайди. Унда “инфлюенсер” (блогер), “онлайн платформа”, “ҳомийлик контенти”, “жамоат ҳамжамияти” ва бошқа тушунчалар киритилиоқда. Блогерлар реклама мазмунидаги постларни белгилаши ва даромаддан солиқ тўлашлари керак бўлади.
Бундан ташқари, қонунда ёлғон маълумот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Жисмоний шахслар учун жарима миқдори 69 минг тенгени (тахминан 155 доллар), блогер-тадбиркорлар учун эса 138 минг тенгени (300 доллардан сал кўпроқ) ташкил этади.
Қозоғистонда аллақачон ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик, жумладан, катта миқдорда жарима тўлаш назарда тутилган. Мамлакат Бош прокуратурасининг қайд этишича, маъмурий жавобгарликнинг жорий этилиши “ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш” вазифасини ўтайди.
Ҳужжат қозоқ тилини онлайн платформалар интерфейсларига интеграциялашни назарда тутади, бу эса тартибга солувчи органларга нафақат рус тилидаги ноқонуний контентни кузатиш имконини беради, балки уни олиб ташлашни ҳам талаб қилиш имконини беради. Агар бу талаб бажарилмаса, расмийлар интернет-сайт фаолиятини чеклаш ҳуқуқига эга бўлади.
Қозоғистон ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Дархон Кидиралининг aйтишича, янги қонун яширин иқтисодиёт ва интернетдаги фирибгарликка қарши курашда ёрдам беради.
“Бошқача қилиб айтганда, офлайн ҳаётдаги масъулият онлайн дунёда ҳам талаб қилинади”, — деди у.






