Қозоғистоннинг FlyArystan лоукостер авиакомпанияси Остона ва Тошкентни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлади. Бу ҳақда "Uzbekistan Airports" хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бугун, 3 июль куни маҳаллий вақт билан соат 01:55да бортида 180 нафар йўловчиси бўлган самолёт Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Аэропортда янги йўналиш очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, унда "Uzbekistan Airports" АЖ раҳбарияти, Қозоғистон элчихонаси ва авиаташувчи вакиллари иштирок этди.
Остона — Тошкент — Остона йўналиши бўйича парвозлар Airbus А320 самолётларида ҳафтасига икки марта — душанба ва чоршанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, авиакомпания яқин келажакда парвозлар харитасини Қозоғистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган янги йўналишлар билан тўлдиришни режалаштирмоқда.
FlyArystan Қозоғистоннинг лоукостер авиаташувчиси бўлиб, штаб-квартираси Олма-отада жойлашган. Компания Қозоғистондаги энг йирик Air Astana авиакомпанияси негизида ташкил этилган.






