АсосийJamiyat

Сурхондарёда зарар миқдори 40 млн сўм бўлган 81 та каврак ўсимлиги кесиб ташланди

'Сурхондарёда зарар миқдори 40 млн сўм бўлган 81 та каврак ўсимлиги кесиб ташланди'ning rasmi

Экология вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ Сурхондарё вилояти, Узун туманидаги “Боботоғ” СИУ ҳудудида ўрганиш ишларини олиб борди, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги ахборот хизмати. 

Маълум қилинишича, “Узун Оқ Мачит Агро” МЧЖ қўшма корхонасига бириктирилган тоғ ва тоғ олди ҳудудларидаги ўрганишлар натижасида табиий ҳолда ўсувчи тожик кавраги ўсимлигининг 2421 таси димлангани, картонлангани, 81 таси эса ширасини олиш мақсадида кесилганлиги маълум бўлган. 

Айтилишича, бу хатти-ҳаракат Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддаси талабини бузиш ҳисобланади. 

Ҳуқуқбузар томонидан ўсимлик дунёсига 40 млн 95 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан МЧЖга нисбатан МЖтКнинг 81-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилди.

Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 18 февралдаги “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган тожик кавраги ўсимлигининг йўқолиб кетишига йўл қўймаслик ва кўпайишини таъминлаш мақсадида уч йил муддатга мораторий жорий этилган. Мораторий даврида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан, жумладан, каврак ўсимлигидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш мақсадида тезкор гуруҳлар ташкил этилган. 

Тезкор назорат тадбирлари 2023 йил 1 сентябргача давом этади. 

Каврак ўсимлигини ноқонуний йиғиш, тайёрлаш ва ундан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларини бузиш жиддий жавобгарликка сабаб бўлади. Жумладан, юқоридаги каби ҳуқуқбузарликларда зарар миқдори энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан (99 млн сўм) ошган тақдирда, жиноий жавобгарлик белгиланади.

    Бошқа янгиликлар