АсосийJamiyat

Иброҳим Абдураҳмонов профессионал таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашди

'Иброҳим Абдураҳмонов профессионал таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашди'ning rasmi

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида профессионал таълим муассасалари раҳбарлари билан навбатдаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Вазир Иброҳим Абдураҳмонов олиб борган йиғилишда Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги мавжуд касб-ҳунар мактаблари директорлари иштирок этди.

Вазир профессионал таълим муассасаларида 2023/2024-ўқув йили учун қабул жараёнларига тайёргарлик кўриш, ўқув-методик таъминотни яхшилаш, педагог кадрлар билан таъминлаш, ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётлари борасида эришган ютуқлари ва ўқув муассасаларида мавжуд камчиликлар ҳақида сўз юритди.

“Биз профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчиларимиз учун бугун етарли шароитни яратиб беришимиз керак. Ўқитувчиларни рағбатлантириш, уларни мукофотлаш масалаларини кўриб чиқишимиз лозим. Ўқувчилар моддий-техника базаси мавжуд бўлмаган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган ўқув-устахоналарда касб ўрганмасликлари керак. Ёшларнинг бугун сифатли таълим олиши керак, эртага уларни қайта ўқита олмаймиз” – деди И.Абдураҳмонов.

Профессионал таълим муассасалари раҳбарлари соҳани янада ривожлантириш, жумладан ўқув-амалиёт жараёнларини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш таълим усталарининг малакасини ошириш, компьютер хоналари, устахоналар қуриш, уларни зарур техник жиҳозлар билан таъминлаш, ўқув бинолари ва ётоқхоналарни таъмирлаш, автодромлар қуриш каби кўплаб таклифлар бердилар. Вазир таклифлар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятлари профессионал таълим муассасалари директорлари учун вазир ташаббуси билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқув юртининг Театр санъати факультети талабалари томонидан Уильям Шекспир қаламига мансуб “Қайсар қизнинг қуйилиши” спектакли намойиши бўлиб ўтди.

    Бошқа янгиликлар