АсосийJamiyat

Сайлов 2023: Шавкат Мирзиёев халқпарвар давлат ҳамда қонун устуворлиги бўйича қандай ташаббусларни илгари сурмоқда

'Сайлов 2023: Шавкат Мирзиёев халқпарвар давлат ҳамда қонун устуворлиги бўйича қандай ташаббусларни илгари сурмоқда'ning rasmi

ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш бўйича қуйидаги ташаббуслар илгари сурилмоқда:

Давлат бошқаруви соҳасидаги ташаббуслар

Аввало, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш принципини ҳаётга жадал олиб кириш назарда тутилмоқда. Бунинг учун:

Биринчидан, рақамлаштиришни янада кенгайтириш орқали, ортиқча югур-югурлар, таниш билишчилик ва ҳужжатбозликка барҳам берилиши таклиф этилмоқда.

Давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, давлат бошқарувида мавжуд бўлган минглаб функцияларни босқичма-босқич рақамлаштириш аҳоли учун янги қулайликларни яратилиш назарда тутилмоқда. Эндиликда фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат қилишида аризани ёзиш, турли шаклларни тўлдириш каби ортиқча формал тартиблар бекор қилиниб, давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон базадан ўзи оладиган тизим яратилиши назарда тутилмоқда.

Иккинчидан, маъмурий ислоҳотларнинг кейинги босқичига ўтиш ва бу босқичда жойлардаги бошқарувни ўзгартириб, маҳаллий кенгашни халқнинг чинакам овозига айлантириш таклиф этилмоқда. Келгусида ҳокимнинг маҳаллий кенгашларга раҳбарлик ваколати бекор қилиниши, уларнинг маҳаллий кенгаш олдида, халқ олдида ҳисобдор бўлиши назарда тутилмоқда.

Агарда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари самарали фаолият юритадиган бўлса асосий масалалар жойининг ўзида ҳал бўлади. Одамлар вилоят маркази ва пойтахтга келиб ўз муаммоларининг ечимини излаб сарсон бўлиб юрмайди.

Учинчидан, аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантириш назарда тутилмоқда.

Маҳаллалар ўзбек жамиятида халққа энг яқин тузилма ҳисобланади. Одамларнинг асосий муаммолари маҳаллада ҳал бўлади. Уларнинг тўй ва таъзиялари, барча яхши ва ёмон кунлари маҳалла аҳли билан бирга ўтади. Маҳаллага ҳозир кўплаб ваколатлар берилмоқда. Аммо маҳалланинг ўз бюджети бўлмаса унинг бу ваколарни самарали амалга оширишда муаммолар пайдо бўлмоқда. Нега деганда кўп нарсалар пулга бориб тақалади. Шу сабабли Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида мол-мулк ва ер солиқлари маҳаллада қолиши ҳисобига, маҳалла бюджетида йилига 3 триллион сўм маблағ ҳосил қилиш тўғрисидаги ташаббуслари эътиборли.

Яна бир масала бугун кўчалар, кўприклар, мактаблар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга объектлар учун жорий этилган  “Очиқ бюджет”га бериладиган маблағни келгуси йилларда 3 карра ошириб, 24 триллион сўмга етказиш таклиф этилмоқда.

Бюджет халқнинг пули, уни сарфлашда халқнинг иштироки ҳам юқори бўлиши керак. Одамларга бюджет пулини қаерга сарфлаш кераклигини ўзлари ҳал қилиш бўйтича кўпроқ имкониятлар берилиши рационал таклифдир.

Шу билан бирга маҳалла раисларининг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йилга узайтириш тўғрисидаги ташаббусда ҳам жон бор. Чунки, эндиликда маҳалланинг ваколатлари кенгаймоқда, унга бюджет берилмоқда. Шундай экан маҳлла раиси учун уч йиллик мандат камлик қилади.

Тўртинчидан, очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини қатъий кафолатлаш таклиф этилмоқда.

Ҳозирги кунда одамларнинг ҳуқуқий ва сиёсий қарашлари ўзгариб бормоқда. Бугунги жамият беш – ўн йил олдинги жамият эмас. Айниқса одамлар очиқликнинг мевасини тотиб кўриб унинг нақадар муҳимлигини жуда яхши тушуниб қолишди. Қолверса очиқлик давлат учун ҳам фойдали. Очиқлик соғлом ҳукуматни яратади. Мутасаддиларни қонун ва халқ олдида масъул ва ҳисобдор қилади.

 

Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари бўйича ташаббуслар

Шавкат Мирзиёевнинг сайлов олди дастурида қонун устуворлиги, суд мустақиллигини ошириш ва адолатни таъминлашни устувор вазифа деб ҳисобланмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг сайлов олди дастурида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда:

Биринчидан, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиб, одил судловга эришиш даражасини ошириш таклиф этилмоқда.

Одамларни “қамоққа олиб тергов қилиш” амалиёти камайтириб бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш имконияти яратиш таклиф этилмоқда. Шу сабабли гумонланаётган шахсни очиқда қолиш имкониятини ошириш жуда муҳим. Бу эса шахсни қилмаган жиноятини “ўз ихтиёрига кўра бўйнига олиши”дан асрайди.

Иккинчидан, жиноят иши қўзғатиш ва жазо бериш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Жабрланувчининг илтимосига асосан жиноят ишини қўзғатмасдан ҳам ярашиш имконияти яратилиши назарда тутилмоқда. Кўп ҳолларда шундай бўладики, жабрланувчи даъводан воз кечади ва айбдор билан ярашиб олади. Аммо барибир тергов ва суд бўлади. Бундай мантиқсизликлар одамларнинг тинкасини қуритиб, уларнинг тергов ва суд идоралари эшиги олдида сарсон бўлишларига сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, тадбиркорлар учун жиноий жавобгарликка оид қонунчиликни ҳам янада либераллаштириш таклиф этилмоқда.

Солиққа оид жиноятлар бўйича тадбиркор суд ҳукми чиққунга қадар зарарни қопласа, жавобгарликдан озод этиш тартиби жорий этилиши таклиф этилмоқда. Чиндан ҳам нима кераги бор зарарни қоплаган тадбиркорни жавобгарликка тортишнинг. Ахир асосий масала етказилган зарар қопландику.

Шундай қилиб, Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар давлат барпо этиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича ташаббуслари қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятли:

Биринчидан, юқорида билдирилган ташббуслар жамиятимизда оғриқли бўлган ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларни қийнаб келаётган тизимли муаммоларга ечим бўлади;

Иккинчидан, мазкур ташаббуслар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларига тўла мос келади;

Учинчидан, ушбу ташаббусларни чиндан ҳам амалга оширишнинг имконлит эканлиги уларнинг ҳаётий эканлигини англатади.

 

Фарход Примов,

ИИВ Академияси кафедра бошлиғи

    Бошқа янгиликлар