Аномал иссиқ таъсирида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли ҳажми бўйича рекорд кўрсаткичлар янгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, 13 июнь куни мамлакатимизда жами 231,7 млн кВт/соат электр энергияси сарфланди. Бу миқдор июн ойи учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бундан бир йил муқаддам худди шу куни 202 млн кВт/соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, ўсиш кўрсаткичи 14,7 фоизни ташкил қилмоқда.
Бугун, 14 июнь куни соат 11:00 га қадар эса соатлик эҳтиёж ҳажми 11 080 МВтни ташкил қилди. Бу эса 2022-йилнинг худди шу санасидаги ҳолат билан таққосланганда, 1600 МВт (15,4 фоиз) кўп электр токи сарфланган, деганидир. Ушбу қувват деярли тўртта буғ-газ қурилмасининг ёки иккита “Тўрақўрғон” ИЕСнинг қувватига тенг.
Айтиш керакки, рекорд қўйиш бугун ҳам давом этиб, 14 июнь санаси мобайнида суткалик электр энергияси истеъмоли 238-239 млн кВт/соатга етиши кутиляпти.
Мазкур рақам 2022 йилнинг мос даврида қайд этилган истеъмол миқдоридан қарийб 30 млн кВт/соат ёки 14,8 фоиз кўпдир.
2022 йилнинг июл ойида юз берган энг аномал иссиқ ҳароратли даврда ҳам максимал юклама 10 800 МВтдан, суткалик максимал истеъмол ҳажми эса 238,2 млн кВт/соатдан ошмаган эди.
Электр энергиясининг юқори истеъмоли, айниқса, Тошкент шаҳрида кузатиляпти. Масалан, 2021-йилнинг 13 июнь санасида пойтахт аҳолиси 7,6 млн кВт/соат ток ишлатган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилнинг худди шу кунида 17,08 млн кВт/соатни, бу йил эса 26,4 млн кВт/соатни ташкил қилган.
Айрим ҳудудларда тизим доирасида таъмирлаш ишларининг мунтазам олиб борилишига қарамасдан мавжуд барча электр стансиялари томонидан етарли миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариляпти. Бунинг учун барча имкониятлар яратилган, зарур миқдорда ёқилғи материаллари захираси қилинган, керакли мутахассислар, ишчи-ходимлар жалб этилган. Шунингдек, келишувларга асосан қўшни давлатлардан белгиланган ҳажмларда электр энергияси импорт қилиниб, ички истеъмолга йўналтириляпти.
Маълумки, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Натижада электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламалар ортиши, тармоқда эса турли носозликлар келиб чиқиши табиий. Хусусан, аномал иссиқ электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ҳам 20 фоиз тушириб, тизимда йўқотишларни ҳосил қилиши мумкин.






