АсосийJamiyat

Тошкентда информатика ўқитувчисини калтаклаган ўқувчи ва унинг ота-онаси барча устоз ва мураббийлардан узр сўради

'Тошкентда информатика ўқитувчисини калтаклаган ўқувчи ва унинг ота-онаси барча устоз ва мураббийлардан узр сўради'ning rasmi

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг информатика фани ўқитувчиси 8 июнь куни мактаб ўқувчиси ва унинг оила аъзолари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берган эдик. 

2023 йил 12 июнь куни Учтепа туманида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов бошчилигида йиғилиш ўтказилди. Ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг 10 июнь куни Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси, Саидхалил С. (2006 й.т) шу мактабнинг “Информатика” фани ўқитувчиси, Самандар Б.ни (1999 й.т) уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳолати муҳокама қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси ("Безорилик") билан жиноят иши қўзғатилган, тергов якуни бўйича қонуний чора кўрилиши таъминланади.

Жабрланган ўқитувчи ҳамда вояга етмаган ҳуқуқбузар ака-укалар, уларнинг ота-онаси, маҳалла раиси ва фаоллари иштирокида танқидий муҳокама ўтказилди. Муҳокама якунида вояга етмаган ҳуқуқбузар ва унинг ота-онаси барча устоз ва мураббийлардан узр сўраб, бу каби ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб ўтишди.

Муҳокама давомида, 62-сонли мактаб директори Х.Махкамова, болаларнинг синф раҳбари ва 20 нафар ўқитувчиларнинг содир этилган ҳолат юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланиб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида масъул раҳбарларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.

Бу каби нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида, барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари, ҳудудий халқ таълим бўлимлари ва тегишли мутасадди идора раҳбарлари билан ҳамкорликда, пойтахт ҳудудидаги 418 та мактабнинг ўқувчи ва ўқитувчилари ўртасида танқидий муҳокама йиғилишлари ўтказилиши режалаштирилди.

Барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари, ҳудудий ҳалқ таълим бўлимлари ва мактаб директорлари Тошкент шаҳри бўйича 2 278 нафар тарбияси оғир вояга етмаганларга масъул бириктириб, ҳар бири билан якка тартибда ёндашган ҳолда доимий назоратини олиб борилиши белгиланди.

    Бошқа янгиликлар