АсосийJamiyat

Сайловолди ташвиқотининг асл мақсадини биласизми?

'Сайловолди ташвиқотининг асл мақсадини биласизми?'ning rasmi

Жорий йилнинг 9 июлида юртимизда бўлиб ўтадиган Президент сайлови кунига бир кун қолгунча давом этадиган сайловолди ташвиқоти номзод дастурларини ҳар томонлама кўрсата олишига ажратилган муҳим вақт ҳисобланади. Бугун номзодларга бу вақтдан самарали фойдаланиши учун тенг шарт-шароит ва имкониятлар яратилган.

ЎзР Сайлов Кодексининг 9-бобида сайловолди ташвиқотни олиб бориш тартиби ва асослари, ташвиқот олиб бориш турлари, шакл ва усуллари аниқ қилиб белгиланган. Унинг 44-моддасида сайловолди ташвиқоти бу сайлов кампанияси даврида сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир, дея таъриф берилган. Халқчил тилда айтганда, сайловолди ташвиқоти ҳар бир партия номзоди учун ўз дастурларидаги халқимизнинг оғирини енгил қиладиган ғоя ва ташаббусларини каттаю кичикка бирдек оддий ҳамда тушунарли тарзда етказишга қаратилган имкониятдир.

Биласизми, сайловолди ташвиқот майдони қай даража ва кўламда шаклланиши номзоднинг кўпроқ овозга эга бўлишида муҳим омил ҳисобланади. Сайлов Кодексининг 45-моддасида ташвиқот олиб бориш турлари, шакл ва усуллари аниқ ёритилган. Масалан, ташвиқотни халқ олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб бориш мумкин.

Ёки оммавий ахборот воситаларида, телевидение, радио, Интернет тармоғи орқали чиқишлар қилиш, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар услубидан ҳам фойдаланиш мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, турли хил ташвиқот материалларидан фойдаланиш ҳам самарали бўлади. Масалан, босма, кўргазмали, аудиовизуал, турли плакатлар, варақаларни тарқатиш орқали ҳам ташвиқот олиб бориш мумкин. Шу ўринда, ташвиқот материалларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши жуда муҳим ҳисобланади.

Алоҳида эътибор бериш керакки, номзодлар ташвиқотни Сайлов Кодексида таъқиқланмаган бошқа турлари, шакл ва усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Масалан, бугун ташвиқотда бир хилликдан қочиш, қолипларга чек қўйиш мақсадида ижодий ёндашиш имкониятлари ҳам яратилган.Номзодларнинг сайловолди тарғиботида янгича замонавий жонли ёки аксинча юзма-юз ёндашувлар, ранг-баранг катта электрон таблоларда, турли дизайндаги экранларда, баннерларда номзодларнинг дастурларини ёритиш, ғоявий шиорларини келтириш орқали ҳам тарғиб қилиш мумкин.

Хўш, сайловолди ташвиқотида турли-туман,  ранг-баранг услуб ва  воситалардан фойдаланиш шартмикан? деган савол аҳоли орасида қизиқиш билдирилган ҳолда учраб туради. Номзодларнинг сайловолди ташвиқотида замонавий, рақамли услублардан фойдаланиши биринчидан,  номзоднинг ташаббуссларини каттаю кичикнинг дидига мос равишда етказишга хизмат қилади. Иккинчидан, халқимизга барча номзодларнинг дастурларини қиёсий ўрганиб чиқиш ва тўғри танлов қилишдаги имкониятларни кенгайтиради.  

Дарҳақиқат, Сайлов Кодексида сайловолди ташвиқотидаги таъқиқлар ҳам аниқ қилиб белгиланган. Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан бошланади ҳамда сайловга бир кун қолганда ва сайлов куни ташвиқот олиб бориш ман этилади. Шу ўринда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиш тақиқланади.  Алоҳида эътибор қаратиш лозимки, номзодлар  сайловчиларга турли хил совғалар бериш, пулли хизматлар кўрсатиш таъқиқланади. Айниқса, ташвиқот жараёнида нотўғри ва асоссиз, исботланмаган ахборотни, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш ҳам ман этилади.  

Юқоридаги фикрлардан хулоса қилсак, сайловолди ташвиқотининг асл мақсади номзодлар ҳар бир инсоннинг келажаги учун ўта муҳим бўлган, унинг тинч-тотув яшаши ва барқарор ривожланиши, жамиятдаги ўрнини белгиловчи таклиф-ташаббусларни халқимизга етказа олиши талаб этилса, халқимиз эса энг ҳаётий ва амалий натижалар бера олувчи ғояларни саралаб, танлаб, эркин овоз бериши зарурдир.

Усарова Феруза, ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази директори, сиёсий фанлар номзоди, доцент

    Бошқа янгиликлар