АсосийDunyo

Путин Каховка ГЭС фалокатига илк бор изоҳ берди

'Путин Каховка ГЭС фалокатига илк бор изоҳ берди'ning rasmi

Россия президенти Владимир Путин Украинанинг Херсон вилоятида Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлишига биринчи марта изоҳ берди. 

У Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали қилган суҳбатида "Украина кенг миқёсдаги экологик ва гуманитар фалокатга олиб келган ваҳший ҳаракатлари" учун жавобгар бўлишини айтган. Путин сўзларига кўра, Украина расмийлари "ҳарбий ҳаракатлар кескин авж олишига" сабаб бўлмоқда. 

Кремль хабарида айтилишича, Путин ва Эрдўған "Украина атрофидаги вазият бўйича фикр алмашган", бироқ Туркия президенти нима дегани келтирилмаган.

Туркия президенти маъмуриятининг ижтимоий тармоқдаги хабарида Эрдўған шубҳага ўрин қолмаслиги учун тўғоннинг бузилиши бўйича кенг қамровли текширув ўтказиш лозимлигини айтган. Шу билан бирга, у россиялик ва украиналик экспертлар, БМТ ва халқаро ҳамжамият, жумладан Туркия иштирокида текшириш ўтказиш учун комиссия тузилиши мумкинлигини таъкидлаган. 

Украина Каховка ГЭС фалокатида Россияни айбламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни эрта тонгда Каховка гидроэлектр станцияси тўғонининг бир қисми қулаб тушди. Новая Каховка, Алешки ва қисман Херсон шаҳарлари сув остида қолди. Днепрга 150 тонна двигатель мойи тўкилди. Украина президенти Владимир Зеленский 35 дан 70 тагача аҳоли пунктларини сув босиши, шунингдек, Днепропетровск, Запороже ва Херсон вилоятларида ичимлик суви билан боғлиқ “катта муаммолар” ҳақида огоҳлантирди.

Россия ва Украина бир-бирини ГЭСни портлатишда айбламоқда. Европа Иттифоқи ҳам Россияни тўғонни портлатганликда айблайди. Версиялардан бирига кўра, тўғон аввалги шикастлар туфайли қулаган бўлиши мумкин. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, Украина муваффақиятсиз ҳужуми туфайли Каховка ГЭСида теракт уюштирган. Украина расмийлари Россиянинг Каховка ГЭСини бомбалаши Украина Қуролли кучларининг ҳужум режаларини ўзгартирмаслигини айтган.

    Бошқа янгиликлар