АсосийDunyo

АҚШ Каховка тўғонининг портлаши оқибатларини аниқлашга киришди

'АҚШ  Каховка тўғонининг портлаши оқибатларини аниқлашга киришди'ning rasmi

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг айтишича, Қўшма Штатлар Каховка ГЭСининг вайрон бўлиши учун ким жавобгар эканлигини ҳозирча билмайди. Ҳозир АҚШ расмийлари тўғоннинг қулаши оқибатларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

"Тўғонни портлашига жавобгар Россия  эканлиги ҳақидаги хабарларни кўрдик", - деган Жон Кирби. – Бу хабарларни баҳолаш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Украиналиклар билан кўпроқ маълумот тўплаш учун ишлаяпмиз. Ҳозир нима бўлганини аниқ айта олмаймиз”, — дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни эрта тонгда Каховка гидроэлектр станцияси тўғонининг бир қисми қулаб тушди. Новая Каховка, Алешки ва қисман Херсон шаҳарлари сув остида қолди. Днепрга 150 тонна двигатель мойи тўкилди. Украина президенти Владимир Зеленский 35 дан 70 тагача аҳоли пунктларини сув босиши, шунингдек, Днепропетровск, Запороже ва Херсон вилоятларида ичимлик суви билан боғлиқ “катта муаммолар” ҳақида огоҳлантирди.

Россия ва Украина бир-бирини ГЭСни портлатишда айбламоқда. Европа Иттифоқи ҳам Россияни тўғонни портлатганликда айблайди. Версиялардан бирига кўра, тўғон аввалги шикастлар туфайли қулаган бўлиши мумкин. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, Украина муваффақиятсиз ҳужуми туфайли Каховка ГЭСида теракт уюштирган. Украина расмийлари Россиянинг Каховка ГЭСини бомбалаши Украина Қуролли кучларининг ҳужум режаларини ўзгартирмаслигини айтган.

 

 

    Бошқа янгиликлар