Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида халқаро миқёсда симпозиум бўлиб ўтди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда АҚШ, Буюк Британия, Швейцария ва Ўзбекистоннинг профессор олимлари ўзларининг илмий маърузалари билан иштирок этди.
Симпозиумда британиялик профессорлар кўп йиллик тажрибаси билан бўлишди. Кўзнинг тўр пардасини муваффақиятли кўчириб ўтказиш бўйича бу вақт мобайнида қандай текширув ва тадқиқотлар ўтказилгани ҳақида маълумот берди.
— Илгари бу борада гап кетганда "умуман иложи йўқ", дер эдик. Кўп йиллик илмий изланишлар натижасида бунинг имкони борлиги исботланди, — дейди марказ директори Азамат Юсупов. — Эндиликда ушбу лабораторияларнинг қандай ташкил этилгани, уларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш бўйича ўрганиш олиб боришни режа қилдик. Агар бу амалиёт мамлакатимизда ҳам қўллана бошланса, тўр парда билан боғлиқ касалликлар туфайли кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган беморлар дунёни яна ўз кўзлари билан қайта кўра олади.






