АсосийJamiyat

АҚШ Ўзбекистонга гепатитнинг А, В, С турларига қарши курашишда ёрдам беради

'АҚШ Ўзбекистонга гепатитнинг А, В, С турларига қарши курашишда ёрдам беради'ning rasmi

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жонатан Хеник билан учрашув ўтказди.

Учрашувда сил ва ўпка касалликларининг олдини олиш, тиббиёт муассасаларини махсус ускуналар билан жиҳозлаш, гепатит B ва С ҳамда бошқа юқумли инфекцияларга қарши курашиш, санитария-эпидемиология каби қатор йўналишлар бўйича алоқалар йилдан йилга кенгаётгани айтилди.

Мулоқот давомида АҚШ билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасида янги лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Хусусан, юртимизда фармакопеяни ривожлантириш ва референс лабораторияларни ташкил этиш бўйича грант маблағлари жорий йил Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўртасида имзоланадиган мақсадли келишувлар доирасида ажратилиши айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) билан гепатит касаллигини камайтириш, хасталикнинг А, В, С турларига қарши биргаликдаги ҳаракатларни кўзда тутадиган лойиҳаларни молиялаштириш ва грант маблағларини ажратишга ҳам келишиб олинди.

Қолаверса, учрашувда вазир А.Иноятов ва элчи Ж.Хеник ўртасида тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш, кадрлар алмашиш ва тиббий таълим соҳасида грант маблағларини ажратиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Якунда шу йил юртимизда Ўзбекистон — АҚШ халқаро тиббиёт форумини ўтказиш режалаштирилди.

    Бошқа янгиликлар