АсосийJamiyat

Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод сифатида Абдушукур Ҳамзаев номзоди қўллаб-қувватланди

'Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод сифатида Абдушукур Ҳамзаев номзоди қўллаб-қувватланди'ning rasmi

2023 йилнинг 30 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Экологик партиясининг навбатдан ташқари IV Съезди бўлиб ўтди.

Съездда 2023 йил 9 июл куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда Президентликка номзоднинг сайловолди дастури тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Съезд Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштирок этишига ижозат берилгани қайд этилди.

Жорий йилнинг 11 май куни бўлиб ўтган партия Марказий Кенгашининг пленумида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод этиб партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Хамзаев Абдушукур Худойқуловични кўрсатиш таклифи кўриб чиқилган эди.

Сездда делегатлар эътиборига Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод этиб партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Хамзаев Абдушукур Худойқулович номзоди тавсия этилди.

Хамзаев Абдушукур Худойкулович 1973 йил 10 декабрда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида зиёли оиласида туғилган. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси.

Номзоднинг Сайловолди дастурида мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, пестицидлардан фойдаланишдан воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш, “Яшил виза” дастурини жорий этиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш, юк ташишни йирик машиналардан темир йўлларга ўзгартиришга қаратилган чоралар алоҳида эътироф этилди.

Ижтимоий соҳада давлат стоматологик клиникаларини ривожлантириш, шаҳарлар Бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш, бир марталик ишлатиладиган пластик ва полиетилен таркибли идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечиш, электрон сигаретларни мамлакатга олиб киришни таъқиқлаш, 2030-йилдан бошлаб мамлакатда ички ёнув двигателли енгил автомобилларни сотишни ҳамда четда олиб киришни таъқиқлаш каби эътиборга молик ташаббуслар илгари сурилди.

Дастур муҳокамаси жараёнида, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган таклифларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, экологик қонунчиликни кодификация қилиш орқали Экология, Сув, Ўрмон кодексларни қабул қилиш, “Чиқиндилар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунни ҳамда “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш тўғрисида”ги дастурни қабул қилиш, экологик суғурталаш тизимини ривожлантириш, малакали юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, эколог-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, барча тизимдаги давлат идоралари фаолиятида, тендерларда, давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни кенгайтириш чораларини кучайтириш, маъмурий органлар томонидан жарима қўллашни қисқартириб, судларга кенгроқ ваколат бериш, йўл ҳаракати хавфсизлигини фақат қонун асосида тартибга солишни йўлга қўйиш ва б.

Давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги таклифлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Жумладан, давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси“ни қабул қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган “Яшил энергетика Стратегияси”ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастурни ишлаб чиқиш, қатор халқаро ҳужжатларга аъзо бўлиш каби таклифлар шулар жумласидандир.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Хамзаев Абдушукур Худойқулович номзоди ва унинг Сайловолди дастури делегатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Съезд делегатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Хамзаев Абдушукур Худойқулович ва унинг Сайловолди дастури бир овоздан маъқулланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

    Бошқа янгиликлар