Ҳиндистон йўтал сироплари, шу жумладан экспорт учун мўлжалланган маҳсулотлар сифатини мажбурий назорат қилишни жорий қилади.
Маҳаллий фармацевтика компаниялари давлат лабораторияларида тадқиқот ўтказиши керак бўлади, дея хабар бермоқда “ТАСС” мамлакат ташқи савдо бош бошқармаси буйруғига таяниб.
“Йўтал сиропи экспортига 2023 йил 1 июндан бошлаб экспорт намуналари синовдан ўтказилган ва айрим давлат лабораторияларида сертификат олинган ҳолда рухсат этилади”, — дейилади ҳужжатда.
Гамбия ва Ўзбекистонда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дори-дармонларни қабул қилган ўнлаб болалар ўлимидан сўнг расмийлар бундай қарорга келган.
Йил давомида Ҳиндистон 17,6 миллиард долларлик йўтал сиропларини экспорт қилди. Дори воситалари Африка мамлакатлари, БАА, Буюк Британия, Непал ва бошқа мамлакатларга етказиб берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Док-1 Макс" сиропини ичиш натижасида болалар ўлими кузатилган сўнг айбдорларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, "Quramax Medikal" компаниясининг Ўзбекистонда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияси суд тартибида бекор қилинди, яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб ташлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва бошқа дори воситаларини қўшимча текшириш мақсадида 2022 йилда "Quramax Medical" томонидан олиб кирилган барча дори воситалари сотувини тўхтатди . Булар 36 турдаги дорилар бўлиб, улар ичига "Док-1 Макс", "Нолгрипп" сироплари, "Травамакс" таблеткалари ва эритма учун гранулалари киради.
Жорий йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг 20 штатида болаларнинг оммавий ўлими ҳақидаги хабарлар фонида текширувлар ўтказилди. 18 та фармацевтика корхонасининг лицензияси бекор қилинди.






