Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти ҳудудий бўлими мансабдор ходими лицензия олишида зарур хулоса тайёрлаб бериш учун пора олаётган вақтда ушланди.
Асака туманида фаолият юритувчи МЧЖга нефт маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланиши учун лицензия олишда зарур бўладиган хулоса тайёрлаб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари ва лицензия олиб бериш учун “Ўзнефтгазинспекция”да ишловчи танишига 10 минг АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб, МЧЖ таъсисчисидан 13 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пул маблағини ўзининг бўйсинувида бўлган ходим орқали олган вақтда уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.






