Жорий йилнинг 10 май куни Президент томонидан имзоланган ЎРҚ–841-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексида тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ – тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда – БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача (6,6 млн сўмдан 13,2 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига мувофиқ –
Юқоридаги ҳолатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:
▫️БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима;
▫️3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
▫️300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
▫️3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
▫️3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Ўша ҳаракатлар:
кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ўша ҳаракатлар:
жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.






