13 май куни «Uzbekistan airways» авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан Ўзбекистон шифохоналарида фойдаланиш учун инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган, дунёда кенг тарқалган касалликлардан бири – С гепатитига қарши “Даклатасвир” дори воситасининг учинчи партиясининг Шарм аш-Шайхдан Тошкентга бепул етказиб берди.
Мазкур акцияни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Қоҳирадаги Элчихонаси ва «Uzbekistan airways» авиакомпанияси ташкил этган бўлиб, ушбу юкнинг юртимизга олиб келиниши Ўзбекистон ва Миср ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш, вирусологияда ўзаро қўллаб-қувватлашни ташкил этиш доирасида аввал эришилган келишувларнинг амалий натижасидир.
Умумий қиймати 34930 АҚШ долларини ташкил этган 17 мингдан ортиқ “Даклатасвир” дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.
Айтиб ўтиш жоизки, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан 2023-2024 йиллар давомида умумий қиймати 4,8 миллион долларлик жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) С гепатитига қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларини юртимизга бепул етказиб бериш бўйича келишувларга эришилган.






