Ижтимоий тармоқларда “Мактабда яна жанжал” сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси баёнот берди.
Унга кўра, жанжал 2023 йил 12 апрель чамаси соат 11.30 лар атрофида Юнусобод туманидаги 98-мактабда содир бўлган. Мактабнинг 8-“Б” синф ўқувчилари Х.М. ва С.А. жой талашиб, жанжаллашиш оқибатида бир-бирига зарар етказишган. Натижада тан жароҳати олган Х.М.нини синфдошлари тиббиёт хонасига олиб боришган. Шу заҳоти тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, биринчи ёрдам кўрсатилган. Калтакланган ўқувчи ўз онаси ҳамда акасини чақирган. Воқеа жойига ИИБ томонидан бириктирилган ходимлар, маҳалла инспекторлари, Миллий гвардия ходимлари етиб келган. Х.М.нинг онаси мактабга келган ИИБ ходимлари ишидан қаноат қилмасдан 2-3 маротаба 102 рақамига қўнғироқ қилган. Мактаб шифокори 103 тез тиббий ёрдамини чақиртирган. Онаси ўғлини тиббий ёрдам машинасида касалхонага олиб кетган.
Ачинарлиси, шу куни тахминан соат 15 лар атрофида Х.М. нинг акалари йигитлар билан мактабга бостириб кирган. Устозларни ҳақоратлаб шахсиятларига тегиб, дарс жараёнларига халақит беришган ва мактаб маъмуриятини қўрқитган. Мактаб маъмурияти маҳаллий участка нозирлари ҳамда Миллий гвардия ходимларига хабар бергач, “Посира” МФЙ инспектори Қ. Тасибоев воқеа жойига етиб келиб Х.М. нинг акаларини профилактика хонасига олиб кетган. Якунда Х.М. нинг акаларига нисбатан 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси берилди.
Жабрланган ўқувчи 13 кун давомида шифохонада даволанган. Экспертиза хулосасига кўра, унга ўртача тан жароҳати етказилган. Май ойининг бошида ўқувчи Х.М. нинг кўз қисмида режали жарроҳлик операцияси ўтказилди.






