Бугун Ўзбекистонда илк бор Осиё кўзи ожизлар уюшмасининг навбатдаги ассамблеяси иш бошлади, деб хабар бермоқда ”Дунё” АА.
11-12 май кунларига белгиланган ассамблея Ўзбекистон Адлия вазирлигининг ”Биз биргамиз“ ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.
Ассамблеяда жами 21 давлатнинг кўзи ожизлар бўйича ташкилотларининг вакиллари бўлган 60 нафар халқаро ва Ўзбекистон кўзи ожизлар уюшмасининг 3 нафар маҳаллий делегати ҳамда 30 нафар иштирокчи қатнашиши режалаштирилган.
Бундан ташқари тадбирда Жаҳон кўзи ожизлар уюшмасининг президенти Abel-Williamson Martine иштирок этмоқда.
Ассамблеяда Осиё кўзи ожизлар уюшмасининг ўтган йиллардаги фаолияти бўйича ҳисоботи, раҳбар органларига сайловлар бўлади.
Онлайн ва рақамли таълимга ўтиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва бизнесни олиб боришда кўриш қобилияти бузилган шахслар дуч келадиган тўсиқларни муҳокама қилиш, ечимлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича семинар ўтказилади.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг фаолияти тўғрисида ҳисоботи, Ўзбекистонда кейинги йилларда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг 2021 йил 7 июнда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида қонуни қабул қилинганлиги ва унинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилади.
Тадбир давомида Жаҳон ва Осиё кўзи ожизлар жамиятлари билан манфаатли меморандум ва шартномаларни имзолаш назарда тутилган.






