АсосийJamiyat

“Бу қонун жамиятимиз томонидан узоқ кутилган қонундир”

'“Бу қонун жамиятимиз томонидан узоқ кутилган қонундир”'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун (ЎРҚ–829-сон, 11.04.2023 йил) Президент томонидан имзоланди.

Хўш, энди аёллар ҳуқуқи росмана ҳимоя қилинадими, бу борада жаҳон тажрибаси қандай, бу турдаги қонун қабул қилишга бизда эҳтиёж бормиди? Darakchi.uz’нинг шу ва шу каби саволларига Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова жавоб берди.

Халқаро тажриба ўрганилдими?

– Ҳар қандай соҳани такомиллаштиришда хорижий тажрибани ўрганиш ва уни маҳаллий шароитларимизга мослаштирган ҳолда самарали тадбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари алоҳида тоифага киритилади. Чунки бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳам, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳам ўзига хос фарқли жиҳатларга эга. Экспертларнинг фикрича, уй шароитидаги зўравонлик ва оилавий зўравонлик бу нохуш вазиятларнинг шундай бир турики, уларга аёллар ва болалар эркакларга нисбатан кўпроқ дуч келадилар. Боиси оддий – улар айнан аёл ва ёш ва ишонувчан болалар бўлганликлари учун кўп ҳолларда зўравонлик қурбонларига айланадилар...

Хорижий давлатлардан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швеция, Болгария, Австралия, Хитой, Россия, Беларусь, Украина, Грузия, Арманистон, Озарбайжон ҳамда Марказий Осиё давлатларининг қонунчилиги ўрганиб чиқилганлигини айтиб ўтмоқчиман.

Айтиш жоизки ўтказилган ўрганишлар соҳани тартибга солувчи қонунчиликда бир қатор бўшлиқлар ва муаммоли масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Аёллар ҳуқуқи қанчалик ҳимояланди?

– Эндиликда вояга етмаганлар ва хотин-қизларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганларга ҳеч қандай инсонпарварлик актлари қўлланилмайди.  Бундан ташқари янги ҳужжатга кўра:

Биринчидан, Жиноят кодексида “Оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси ва ушбу жиноят учун жавобгарлик чоралари қатъий мустаҳкамланмоқда;

Иккинчидан, таъқиб қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда;

Учинчидан, ногиронлик белгилари аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўравонлик, номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш каби янги оғирлаштирувчи қисм киритилмоқда;

Тўртинчидан, зўравонлик, номусга тегиш ҳолатларида жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ёки унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан, шунингдек, жабрланувчига қараб туриш мажбуриятлари қонун билан ўз зиммасига юклатилган таълим, тарбия, тиббиёт муассасасининг ёки бошқа муассасасанинг ходими тушунчаси аниқлаштирилиб, уларга нисбатан ҳам қатъий жазо белгиланмоқда;

Бешинчидан, жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсга нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар бермаслик, хусусан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш чораларини қўлламаслик белгиланмоқда;

Олтинчидан, вояга етмаганлар тасвирлари туширилган порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, ахборот-коммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда вояга етмаган шахсни ёмон йўлга солиш учун жавобгарлик белгиланмоқда;

Еттинчидан, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. 

Хоразмдаги ҳолат бўйича нима дея оласиз?

Бизни шу вақтгача амал қилган қонунимизда шу турдаги жиноят қилган шахсларга нисбатан жазони муддатидан олдин шартли озод қилиш, жазони енгилига алмаштириш, жазони охиригача ўтамаслик ҳолатлари бўларди. 

Хоразмдаги ҳолат ҳам айнан бу қонун қабул қилинганда уларга белгиланган жазони, улар охирига ўтайди ва айнан ҳозир судда бу иш кўрилаяпти. Ўйлайманки, жиноят қилган шахслар жиноятига яраша жазо олади. 

Хулоса ўрнида нима дея оласиз?

Бу Қонун жамиятимиз томонидан узоқ кутилган қонундир. Мазкур ўзгартиришларнинг туб моҳиятида аввало инсон ва унинг манфаатлари устуворлиги ётади.

Шу билан бирга, шуни таъкидлашни истардимки зўравонликнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимли, хар кунлик ва хар жойда амалга ошириладиган ишга айланиши керак. Шундагина биз жамиятимизда бу иллатни бартараф эта оламиз.

 

    Бошқа янгиликлар