Ижтимоий тармоқларда тарқалган Самарқанд туманидаги мактабларнинг биридаги ҳожатхонага камера ўрнатилгани ҳақидаги хабарга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий баёнот берди.
Ўрганишлар давомида мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р.Ш. ўғил болалар ҳожатхонасида тозаликка риоя этилмаётганлиги сабабли, уларни тартибга чақириш учун яроқсиз камера ўрнатганлиги аниқланган.
Ушбу камера яроқсиз бўлиб, тармоққа уланмаган, ўрганишлардан сўнг ускуна олиб ташланган.
Бу ишни қилган маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р.Ш. га нисбатан Ўзбекистон Республика Меҳнат Кодексининг 181-моддасига асосан “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, Қўқон педагогика институти талабалар (қизлар) ётоқхонаси хоналаридан бирига кузатув камераси ўрнатилгани аниқланган эди.






