Ижтимоий тармоқларда мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбияланувчилар Конституция тарғиботига жалб қилингани акс этган видеоёзув тарқалди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги ижтимоий тармоқларда тарбияланувчиларнинг ”Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники” шиори остидаги тадбирга жалб қилингани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.
“Мазкур видеода, МТТ ходими томонидан юртимизда Референдум доирасида ўтказилаётган ташвиқот тадбирларидан руҳланиб, тарбияланувчиларга тушунча беришга уринганлик ҳолатини кузатиш мумкин”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан республикадаги барча мактабгача таълим соҳасидаги ҳудуд вакилларига огоҳлантиришлар ҳамда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.






